Жорий йилнинг 24 октябрь куни Сеул миллий университети қошидаги Осиё мамлакатларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот марказида бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га Ўзбекистон Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар қилди.
Тадбирда Жанубий Корея эксперт-таҳлилчилари, шу жумладан, МДҲ ва Марказий Осиё мамлакатларини ўрганишга ихтисослашган Халлим, Донгдук ва Кемёнг сингари олий ўқув юртларининг таниқли экспертлари иштирок этди.
Иштирокчилар Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқий нормалар, хусусан, БМТ, ЕХҲТнинг тегишли низомларига мувофиқ яратилган сайлов тизими қонунчилиги билан танишди.
Осиё мамлакатларини ўрганиш илмий-тадқиқот маркази (SNUAC) директори Канг Мёнг Гунинг таъкидлашича, Ўзбекистонда сайлов нормалари, қонунчилигининг тизимли ва босқичма-босқич демократлаштирилиш ҳамда либераллаштирилиши самарасида сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишда том маънодаги очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик тамойилларига асосланган демократик амалиётга мувофиқликни таъминлайдиган барча шарт-шароит яратилган.
Ўз навбатида Сиёсатшунослик ва халқаро муносабатлар департаменти директори, SNUAC қошидаги Марказий Осиё мамлакатларини ўрганиш минтақавий маркази раҳбари Шинм Бом Шик тадбирни бошқариб, мазкур давра суҳбати Жанубий кореялик экспертларга Ўзбекистоннинг халқаро стандартларга мувофиқ шакллантирилган сайлов тизимини янада чуқурроқ тушуниши учун яхши имконият яратганини таъкидлади.
Шундан сўнг Корея Республикасининг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, Кемён университети сиёсатшунослик ва халқаро муносабатлар факультети профессори Чон Дэ Ван мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини бўлажак сайловлардан кейин янада чуқурлаштириш Жанубий Корея томони учун муҳим ва манфаатли эканини таъкидлади. Шу боис икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни сақлаш ҳамда янада чуқурлаштириш юзасидан томонлар қараши умумийлиги билдирилди.
Изоҳ (0)