Жиззах вилоятида 1 ва 2-Ховос – Ғаллакор насос станциялари фойдаланишга топширилди. Иншоотларда «Жиззах туманлараро сувтармоқтаъмир» томонидан 25 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Сирдарёдан сув олаётган Жанубий Мирзачўл канали ҳавзасида барпо этилган ушбу станцияларнинг ҳар бирига бештадан замонавий юқори қувватли насослар ўрнатилган. Биринчи станция сувни 68 метр, иккинчиси 171 метр баландликка кўтариб беради. Ҳар иккала станция секундига 3,5 куб метр сув олиш қувватига эга.
Янги насос станцияларининг ишга туширилиши билан туманнинг «Сармиш» сув истеъмолчилари уюшмасида 640, «Баландчақир» сув истеъмолчилари уюшмасида 850 гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади.
«Жорий йилнинг ўтган даврида 8 ирригация иншоотида амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида 10 минг гектарга яқин ерга сув етказиб бериш тизими яхшиланди», – дейилади хабарда.
Изоҳ (0)