«Мурожаатдан сўнг» теледастурида Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига Тошкент шаҳридан келиб тушаётган мурожаатлар қай тартибда кўриб чиқилаётгани ҳақида батафсил маълумот бериб борилмоқда.
Агар мурожаатлар таҳлилига эътибор қаратилса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятига дахлдор масалалар ҳам учрайди. Тошкент шаҳрида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш борасида қандай чора тадбирлар амалга оширилаётгани, тадбиркорлар дуч келган муаммоларни тезкор бартараф этиш учун қайси ташкилотлар жалб этилгани сингари масалалар таҳлил қилинмоқда.
«Тошкент» телерадиоканалининг «Дарё»га маълум қилишича, кўрсатувнинг 26 октябрдаги сонида ҳам шу ва бошқа саволлар юзасидан фикр алмашилади.
Импорт ўрнини босувчи ускуналар ишлаб чиқарувчи корхона ижарачи ижара шартномасини бузиб жойлашган бинодан чиқиб кетиш талабини қўйган. Адлия аралашуви билан жойида фаолиятини давом эттиряпти. Корхона раҳбари Ботир Зиёрхўжаев:
«Ишлаб чиқаришни бошлаётган янги тадбиркорларга ижарага ер олиш масаласи, жой топиб иш юрғизиш масаласи биринчи муаммолардан ҳисобланади. Бу ерда нисбатан арзон. Давлат томонидан тадбиркорларга имтиёз берилди десак ҳам бўлади. Электр масаласи муаммо эмас. Коммуникациялар ҳаммаси йўлга тушиб, кундан-кунга ишчи ўринлари кўпаяпти. Мана бизлар келдик, августлардан иш бошлаган бўлсак, шу кеча-кундузда иш штатимиз 50 кишига етиб қолди. Келажакда бизнинг мақсадимиз 150 тагача етказиш. Янги иш ташкил этаётган тадбиркорларда бир муаммо — лизинг масаласи мазмунан бизлар учун чиққан нарса эди бошида. Олинаётган дастгоҳлар ўзи гаров бўлиб туриши керак эди. Ҳозир бизлар жуда кўп лизинг ташкилотларга мурожаат қилдик. Қўнғироқлашиб гаплашсак, улар ҳам ҳозирги кунда худди банкдаги кредит талабларини қўйишяпти. Кўчмас мулк қўйсангиз лизинг берамиз деган масалани қўйишяпти. Бу, менимча, лизинг сўзининг мазмунига тўғри келмайди».
Гўзаллик салони очган тадбиркор фаолияти аҳоли эътирози билан ёптирилган. Виртуал порталга мурожаатдан сўнг қайта очиб берилган. Салон эгаси Холисхон Анназарова:
«Мен кўп қаватли уйдан гўзаллик салонини очганман. Яна ишчи ўрни очиш учун яна бир хонани ижарага ажратиб беришди. Мен шу гўзаллик салонини очдим. Ҳокимият томонидан, ширкат томонидан рухсатномалар беришди. Таъмирлаш ишларини олиб бордим. Энди аҳолимиздан айримлари нима дейди, қилмайсан деди. Бош вазиримизнинг виртуал қабулхоналарига мурожаат қилдим. 4–5 кун ичида ҳал қилиб беришди. Менинг ҳақ-ҳуқуқимни ҳимоя қилиб, мен ўз ишимни юритоляпман. Энди ҳозир тўхтаб қолмади ишим».
Мебель ишлаб чиқарувчи оилавий тадбиркор бир йил мобайнида буюртмачидан пулини ололмагач, виртуал қабулхонага мурожаат қилган ва шундан сўнг шаҳар адлия бошқармаси аралашуви билан тадбиркорга маблағи ундириб берилган. Ишлаб чиқарувчи Шавкат Умархўжаев:
«Йилнинг охиригача пулимизни тўлаб беришлари керак эди. Кейинги йилга ўтиб кетиб қолди. Шунинг натижасида орадан бир йилдан ошиқ вақт ўтиб кетди. Анча огоҳлантирилди. Натижа бўлмаганлиги сабабли, телевизорда кўрдик, шу порталга мурожаат қилдик. Порталда қилган мурожаатимиз Тошкент шаҳар Адлия бошқармасига бориб тушган. Уларнинг ёрдамлари билан ишимиз ижобий ҳал бўлди. Бош вазиримизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз».
Шу ва бошқа воқеалар 27 октябрь соат 21:00 да «Мурожаатдан сўнг» теледастурида муҳокама қилинади.
Изоҳ (0)