Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси уч кунлик ташриф билан АҚШга келди.
«Жаҳон» ахборот агентлигининг хабар беришича, ўзбекистонлик парламентарийларнинг сафар дастуридан АҚШ Конгресси аъзолари, АҚШ президенти маъмурияти, Давлат департаменти, Тижорат вазирлиги, ишбилармон, академик ва эксперт доиралари, шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси ҳамда Жаҳон банки вакиллари билан учрашувлар ўрин олган.
Ташриф доирасида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида Ж. Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти билан ҳамкорликда брифинг, Атлантика кенгашида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирлар мобайнида Америка томонига Ўзбекистон замонавий тараққиётидаги асосий жараёнлар, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотлар, шунингдек, 2016 йил 4 декабрда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида ҳар томонлама ва холис маълумотлар тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатидаги фундаментал принциплар собитлиги, ички ва ташқи сиёсат, шу жумладан, АҚШ билан кўп қиррали муносабатлар ўзгармаслиги таъкидланди.
Бу борада америкалик экспертлар икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтариш муҳимлигини, турли даражада, энг аввало, ҳар икки томон учун манфаатли бўлган — хавфсизлик, иқтисодиёт, таълим ва бошқа йўналишларда ўзаро ҳамкорликни янги механизмларини ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этди.
Ўзбекистондаги барқарорликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юксак баҳоланди. Бунда мустақиллик йилларида қонун устуворлигига асосланган очиқ ва барқаро сиёсий тизимнинг шакллантирилгани муҳим ўрин тутди.
2016 йилнинг 18–19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси якунлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. Мирзиёевнинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳомийлигида «Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар маркази» ҳамда Тошкент Ислом университети таркибида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг (ISESCO) махсус кафедрасини ташкил этиш ташаббуслари ҳақидаги маълумотлар Америка томонида катта қизиқиш уйғотди.
Америкалик мутахассислар Ўзбекистон Республикаси Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислиги «Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» шиори остида ўтаётганини ижобий баҳолади.
Жумладан, CRDF Global фонди (дунё бўйлаб илм-фан ва таълимни тарғиб қилади) президенти М. Дигнянинг фикрича, бу республиканинг ташкилот пойдеворини янги — ташкилотнинг аъзо мамлакатлари илмий-таълимий имкониятларини мустаҳкамлаб, кўп йиллар давомида ўз мевасини берадиган ғоя билан бойитишга бўлган ҳаракатидан далолат беради. У Ўзбекистоннинг олижаноб ташаббуслари дунёнинг барча мамлакатлари, шу жумладан, АҚШ ижтимоий-сиёсий ҳамда илмий доиралари томонидан юксак баҳоланиб, қўллаб-қувватланишига ишонч билдирди. Мазкур ташаббусларнинг оммавийлашуви ислом дини ва илмий-техник тараққиёт бир-бирига мувофиқ келмайди, деган ақидани бартараф этишга хизмат қилади.
Мичиган университети профессори М. Олкотт бу шиор ташкилот ичидаги қарама-қаршиликларга барҳам бериши мумкинлигини қайд этди. Экспертнинг таъкидлашича, Ўзбекистон диний сиёсат борасида вақт синовидан ўтган тадбирларни амалга оширилмоқда. Бунда, унинг айтишича, бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, Ўзбекистонда диний сиёсатни шакллантириш билан чуқур диний билимга эга бўлган одамлар шуғулланмоқда. Бундай билимнинг йўқлиги минтақадаги бошқа мамлакатларда хатоларга йўл қўйилиши ҳамда зиддиятларнинг ортишига олиб келди.
Ж. Хопкинс университети профессори Т. Ҳуссайн кўплаб мусулмон мамлакатлари диний таълим тизими асосларини модернизациялаш ҳамда янгилашга эҳтиёж сезаётган бир пайтда расмий Тошкент томонидан ИҲТ ҳомийлигида Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий тадқиқот марказини ташкил этиш ғоясининг олдинга сурилиши айни вақтида ташланган қадам эканини таъкидлади. Эксперт кўплаб мусулмон давлатларида ёшларнинг радикаллашиши жараёни замонавий диний мутахассисларнинг етарлича тайёрланмагани ҳамда буюк муҳаддис олимларнинг асарлари тўғрисида ҳозирги оммада етарлича маълумот йўқлиги билан боғлиқдир. Шу боис ислом ҳамжамияти янги ғояларга муҳтож бўлиб, бу борада бой маданий-тарихий меросга эга Ўзбекистон таълим ва маърифатни оммалаштириш йўли билан бу масалага ечим топиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони Америка ишбилармон доиралари вакиллари эътиборини тортди. Иқтисодчиларнинг фикрича, мазкур ҳужжат иқтисодиётга энг замонавий технологияларни жалб қилиш имконини беради ҳамда барқарор тараққиётни таъминлашнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.
USAID Агентлиги Марказий Осиё бўйича директори Э. Руденшольд ўз маърузасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган сўнгги ислоҳотлар ҳамда социал-иқтисодий соҳадаги ўзгаришларни ижобий баҳолаб, ҳукуматнинг қўшни мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштириш борасидаги чора-тадбирларига алоҳида урғу берди. Бунда USAID республикага ислоҳотларни амалга оширишда, шу жумладан, транспорт йўлакларини ривожлантириш соҳасида ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.
Изоҳ (0)