Германиялик 31 ёшли ҳимоячи, Франкфуртнинг «Айнтрахт» футбол клуби аъзоси Марко Русс саратон хасталигидан даволаниб, футбол ўйнашга тайёр. Бу ҳақда ESPN’га таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
2016 йилнинг май ойида Русснинг қон таркибида допинг топилди. Текширув натижасига кўра, унда чов саратони хасталиги аниқланди. Бунинг оқибатида спортчининг қон таркибида баъзи гормонлар меъёридан ошиб кетган эди.
Уч ярим ой интенсив даволанишдан сўнг Марко биринчи марта август ойида, Испаниянинг «Сельта» клубига қарши ўртоқлик ўйинида омма олдида чиқиш қилди. Учрашувдан сўнг футболчи жамоанинг Абу-Дабида бўлиб ўтадиган қишки йиғинида қатнашишни режалаштираётганини маълум қилди.
«Марко соғайиб кетди. Шифокорлар унинг аста-секин машғулотларга қайтишига рухсат берди», – деди «Айнтрахт» бош мураббийи Нико Ковач.
Ёзда клуб раҳбарияти Русснинг даволанаётганига қарамай, у билан шартномани узайтирди ва шу йўл орқали уни қўллаб-қувватлади.
Марко Русс 2004 йилдан буён «Айнтрахт» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Клуб сафида 287 учрашувда майдонга тушган ҳимоячи 23 та гол киритган.
Изоҳ (0)