Япония ҳукумати Ўзбекистонда Афғонистон гиёҳванд моддалари контрабандасига қарши кураш лойиҳасига 263 миллион иена (2,5 миллион доллар) ажратади. Лойиҳа БМТ наркотик ва жиноятлар бўйича бошқармаси томонидан амалга оширилмоқда, деб хабар беради «Газета.uz».
Япония ҳукумати ва БМТ бошқармаси ўртасидаги алмашув ноталарини имзолашга бағишланган расмий маросим 20 октябрь куни Тошкентда, бошқарманинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонасида бўлиб ўтди. Ҳужжатларни Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Нобуаки Ито ва бошқарманинг минтақавий вакили Ашита Миттал Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги наркотиклар назорати бўйича миллий ахборот-таҳлилий маркази директори Аҳмад Мансуров иштирокида имзолади.
Элчи Нобуаки Ито Япония БМТ наркотик ва жиноятлар бўйича бошқармаси ва Ўзбекистон билан чегаралар назорати ҳамда ноқонуний наркотик савдосига қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликка муҳим ўрин беришини таъкидлаб ўтди. Унинг эслатишича, бу ҳақда Япония бош вазири Синдзо Абэнинг Ўзбекистонга 2015 йил октябрида амалга оширилган расмий ташрифи чоғида қабул қилинган қўшма коммюникеда айтилган.
«Ўзбекистонда Афғонистон наркотиклари контрабандасига қарши идоралараро мобил гуруҳлар яратиш йўли билан курашиш» лойиҳаси фаолияти гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосига қарши кураш соҳасидаги муаммоли жиҳатларни ҳал этишга, шунингдек, асбоб-ускуна тақдим этиш, инфраструктурани мустаҳкамлаш, тренинг ва семинарлар ташкил этиш ёрдамида ходимлар салоҳиятини оширишга қаратилади.
Дастур тадбирлари миллий ахборот-таҳлилий маркази координацияси ҳамда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари, жумладан, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги иштирокида амалга оширилади. Идоралараро мобил гуруҳлар ҳуқуқ-тартибот органларининг бошқа органлари билан жойларда наркотиклар контрабандасига алоқадор бўлган шахсларни фош этиш бўйича ҳамкорлик қилади.
Изоҳ (0)