20 октябрь куни Тошкентдаги Инҳа университети «Ангрен» махсус индустриал зонаси билан англашув меморандумини имзолади. Ҳужжатни университет ректори Шерзод Шерматов ва «Ангрен» МИЗ дирекцияси раҳбари Соҳиб Саифназаров имзолади, деб хабар беради университет матбуот хизмати.
Томонлар меморандум доирасида тўрт йўналиши бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва «Ангрен» махсус индустриал зонаси дирекцияси ҳамкорликда иқтидорли талабалар учун грантлар дастурини тушириши мумкин.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамда «Ангрен» МИЗ университет талабаларини жалб этган ҳолда зонада фаолият юритаётган корхоналар фаолиятини ривожлантириш ва тарғиб этишга йўналтирилган дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, татбиқ этиш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда кейинчалик янада такомиллаштиришга, талабаларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга келишиб олди.
Томонлар, шунингдек, «Ангрен» МИЗда фаолият юритувчи корхоналарда инновацион ечимларни татбиқ этиш бўйича ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш, мобил банкинг ва интернетни ривожлантириш йўналишларида инновацион ечимларни татбиқ этиш борасида ҳам ҳамкорлик қилади.
Икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир йўналиши сифатида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини комплекс татбиқ этиш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича «Ангрен» МИЗ дирекция ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш йўналишини кўрсатиш мумкин.
Ўқитиш дастури мазкур соҳадаги етакчи мутахассис-амалиётчилар орасидан танлаб олинган тажрибали маърузачи ва мураббийларни жалб этган ҳолда ташкиллаштирилади. Ўқув дастури, шунингдек, тизимли таҳлил кўникмаларини, IT-лойиҳаларини татбиқ этиш ҳамда ахборот тизимларини лойиҳалаштиришда муддат ва ресурс чекловларини инобатга олиш малакасини шакллантиришга қаратилган.
Изоҳ (0)