БМТ Тараққиёт дастури ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.
Меморандум доирасида томонлар қонунчилик актлари, ахборот-таҳлилий материаллар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш соҳасидаги нашр ва бошқа материаллар билан алмашади.
Шунингдек, улар ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказади, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашга йўналтирилган дастур ва режаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида бир-бирига кўмак беради. Жумладан, методик қўлланмалар ва бошқа махсус адабиёт чоп этилади, шунингдек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш учун олиб борилаётган ислоҳотлардан кенг жамоатчиликни бохабар қилиш учун ушбу материаллар тарқатилади.
БМТ Тараққиёт дастури ва Инсон ҳуқуқлари миллий маркази халқаро конференциялар, семинар ва давра суҳбатлари ўтказади. Ўзбекистон вакиллари БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги структураларининг тадбирларида иштирок этади.
Меморандум 20–21 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашнинг миллий тизими: мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар» мавзуидаги халқаро конференция доирасида имзоланди.
Форумда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Мустақил доимий комиссияси, ЕХҲТ демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, Европа Кенгаши Венеция комиссияси экспертлари, Буюк Британия, Германия сиёсатшунослари ва юристлари, Индонезия, Қозоғистон, Қирғизистон, Латвия, Россия ва Тожикистон омбудсманлари иштирок этди.
Изоҳ (0)