Халқаро футбол федерацияси (ФИФА)нинг коррупция ишида гумон қилинганлар орасида бўлган Шимолий Америка футбол лигаси директорлар кенгашининг собиқ раиси Аарон Дэвидсон ўз айбини тан олди. Бу ҳақда Reuters агентлигига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Аввалроқ Дэвидсон жиноятга алоқадорлигини яширишга уринган эди. АҚШ расмийлари собиқ амалдорни ташкилот учун манфаатли бўлган футбол ўйинлар ҳуқуқини сотиб олиш учун пора берганликда гумон қилганди.
ФИФА Аарон Дэвидсонга футбол фаолиятига оид ишлар билан шуғулланишни тақиқлаб қўйди. Бундан аввал у ўз айбини тан олмаган ва 2015 йилнинг 29 майидан буён уй қамоғида бўлган эди.
ФИФА тарихидаги энг йирик можаро 2015 йилнинг май ойида содир бўлганди. АҚШ судининг талабига биноан Швейцария полицияси ФИФА президентини сайлашдан икки кун олдин Цюрихдаги меҳмонхонада коррупцияда гумонланган 9 нафар юқори мартабали амалдорни қўлга олди.
Айни дамда жиноий ишга 42 нафар футбол мансабдорлари алоқадор. Уларнинг бир неча нафари ўз айбини тан олди. ФИФА коррупцияси бўйича суд иши 2017 йилнинг сўнгида бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)