Баҳрайнда бўлиб ўтаётган футбол бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионатида Ўзбекистон термаси кетма-кет иккинчи ғалабасига эришиб, Ироқдан кейин чорак финал масаласини ҳал қилган иккинчи жамоага айланиб олди.
Мусобақани Тожикистон устидан қозонилган иродали ғалаба билан бошлаган ўзбекистонлик футболчилар, 2-турда Австралияни мағлуб этди — 3:1. Учрашувни бошқариб борган ҳакам 55-дақиқада ўзбекистонлик футболчини майдондан четлатди, 63 ва 93-дақиқаларда эса Ўзбекистон дарвозаси томон 2 марта 11 метрлик жарима зарбаси тайин қилди. Шунга қарамай Жасур Абдураимов шогирдлари ҳисобдаги устунликни сақлаб қола олди.
Ўзбекистон 3-турни 21 октябрь куни гуруҳ аутсайдери Хитойга қарши ўтказади. Мазкур беллашувда ҳисоб қандай бўлиши Ўзбекистон учун аҳамиятга эга эмас. Боиси жамоа муддатидан аввал гуруҳ пешқадамига айланди.
2-турнинг иккинчи ўйинида Тожикистон терма жамоаси Хитойни мағлуб этди — 2:0. Хитой турнирдаги илк ўйинида Австралияга ҳам имкониятни бой берганди — 0:1.
Чорак финалда Ўзбекистон термаси «C» гуруҳида иккинчи бўлган жамоага қарши кураш олиб боради. Мазкур зонада 2-турдан кейин Япония ва Қатар 4 тадан, Эрон эса 2 та очкога эга.
Осиё Чемпионати—U19 «D» гуруҳи. 2-тур 18 октябрь, сешанба
Ўзбекистон — Австралия 3:2
Голлар: Бобур Абдихолиқов, 28 (1:0). Достон Ибрагимов, 38 (2:0). Достон Ибрагимов, 47 (3:0). Лиам Юллий, 63-пен (3:1). Жорж Блеквуд, 90+3-пен (3:2).Четлатиш: Ислом Қобилов, 55 (Ў).Ўзбекистон У19: Умид Хамроев — Ҳожиакбар Алижонов, Ислом Қобилов, Хушнуд Авилов, Азиз Ғаниев, Жасур Яхшибоев (Саиджамол Давлатжонов, 84), Бобур Абдихолиқов (Жавоҳир Эсонқулов, 69), Шароф Муҳиддинов, Ойбек Рустамов, Жамшид Юсупов, Достон Ибрагимов (Шоҳрух Маҳмудҳожиев, 82).
Изоҳ (0)