Электромобилларнинг кенг тарқалиши нефть саноати тараққиётига таҳдид солмоқда, бу биринчи навбатда инвестицияларнинг сектордан олиб чиқиб кетилиши билан боғлиқ. Бу ҳақда Fitch агентлиги таҳлилчилари хулоса қилди, деб хабар беради «Ведомости».
Уларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, электрлаштириш ва электр энергияси соҳасига диққатнинг қаратилиши 14,7 триллион доллар миқдоридаги жаҳон корпоратив қарзининг чорак қисмига таъсир кўрсатади.
«Бошни қумга тиқиб, ўзларини ҳеч нарса бўлмагандай тутишга қарор қилишса, бу муқаррар катта муаммоларга олиб келади. Ёқилғи-энергетика секторига стратегия керак», — деб таъкидлади Fitch бошқарувчи директори Алекс Гриффитс.
Агентликнинг қайд қилиб ўтишича, «инвестицион ўлим спирали», гарчи узоқ истиқболда кўринсада, нефть соҳасига жиддий таҳдид уйғотиши мумкин. Кейинги 10 йилда Европада электромобиллар миқдори 50 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда, шунда бензинга бўлган эҳтиёж чорак қисмга тушиб кетади. Бундан ташқари, Хитой каби ўйинчилар бензинли автомобиллар ишлаб чиқаришни кескин равишда бутунлай тўхтатиши мумкин, бу эса кутилмаган натижаларга олиб келади.
Изоҳ (0)