Гаити Республикасида «Мэттью» довули туфайли ҳалок бўлганлар сони 470 кишидан ошди. Бу ҳақда БМТ гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан 13 октябрь, пайшанба куни чоп этилган ҳисоботда сўз юритилади, деб ёзади «ТАСС».
«Гаити Фуқароларни ҳимоя қилиш бошқармаси 473 та ўлим ҳолати, 339 кишининг яраланганлиги ва 75 кишининг бедарак йўқолганлигини тасдиқлади», — дейилади бошқарма ҳисоботида.
Унинг маълумотларига қараганда, 1 миллион 411 минг киши, жумладан, 590 минг бола гуманитар ёрдамга муҳтож. Ҳисоботда таъкидланишича, табиий офат оқибатида жами 2,1 миллион кишига зарар етган.
БМТ гуманитар бошқармасининг маълум қилишича, ёрдамга муҳтож кишиларнинг сони ошиб бориши кутилмоқда.
10 октябрь, душанба куни БМТ мамлакатларга Гаити аҳолисига яқин ойларда ёрдам кўрсатиш учун 120 миллион доллар маблағ ажратиш ҳақидаги илтимос билан мурожаат қилган эди. Бошқарманинг маълум қилишича, ҳозирги пайтга қадар донорлар томонидан 26 миллион доллар ўтказилган.
Олдинроқ Reuters агентлиги маҳаллий мансабдорларга таяниб, Гаитида довул туфайли 1000 киши қурбон бўлганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)