12–13 октябрь кунлари бўлиб ўтган XII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг нуфузи йилдан йилга ортиб, дунёнинг турли мамлакатларидаги бизнес тузилмалар эътиборини жалб этмоқда. Ярмаркада 550 минг тонна ўзбек пахта толасини сотиб олиш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 1 миллиард 322 миллион доллардан зиёд миқдордаги шартномалар имзоланди. Бу жаҳон бозорида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотларига талаб юқорилигини намоён этди, деб ёзади ЎзА.
Анжуманда юқори сифатли пахта толасини етиштириш ва савдо қилиш, бу йўналишдаги самарали ҳамкорликни кенгайтириш ва тармоққа тегишли бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди, музокаралар олиб борилди, ўзаро манфаатли шартномалар тузилди. Унда 40 дан зиёд мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари, эксперт ва мутахассислари иштирок этди. Хитой, Россия, Европа Иттифоқи давлатлари, Япония, Бангладеш, Бирлашган Араб Амирликлари, Корея Республикаси вакиллари шулар жумласидандир.
Ярмарка иштирокчилари Тошкент вилоятидаги «Ўзбекистон» пахтани қайта ишлаш заводи, «Узтекс Чирчиқ» қўшма корхонаси ва «Тошкент Тола» пахта терминали фаолияти билан яқиндан танишиб, Ўзбекистонда пахтачилик ва тўқимачилик саноати изчил ривожланаётгани, соҳага энг замонавий технологиялар жорий этилаётганининг гувоҳи бўлди.
«Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси, «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, Товар-хом ашё биржаси ва «Сифат» маркази ҳамкорлигида ташкил этилган XII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси етиштирилган пахтани сотиш механизмини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифаларни бажаришга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Анъанавий ярмарка миллий иқтисодиётда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни чуқурлаштириш, мамлакатнинг халқаро майдонда рақобатбардошлиги ва нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Изоҳ (0)