Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган пазандалик халқаро танловида Тахиатош энергетика касб-ҳунар коллежи битирувчиси Руслан Қўзибоев биринчи ўринни эгаллади, дея хабар бермоқда «1news.uz».
Озарбайжон маданият ва туризм вазирлиги томонидан манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда тўртинчи бора ўтказилган танловда 37 мамлакатдан келган моҳир ошпазлар иштирок этди.
Қатнашчилар турли-туман миллий таомлар, ичимликлар ва ширинликларни тақдим этди. Ғолиблик қорақалпоқ миллий таоми — жўхори унидан бешбармоқ тайёрлаган Ўзбекистон вакилига насиб этди.
«Пазандалик санъатига болалигимдан қизиқиб келаман, — деди Руслан Қўзибоев. — Бундан олдин ҳам бир нечта танловларда қатнашганман. Хусусан, шу йилнинг июнида коллеж ўқувчилари ўртасидаги «Олтин пичоқ» танловида ғолиб бўлдим ва республика босқичига чиқдим… Габаладаги танловда мен тайёрлаган таом барча иштирокчиларни қизиқтириб қўйди. Кўпчилик хорижлик ошпазлар унинг рецептини ёзиб олди».
Изоҳ (0)