2016 йилнинг ўтган даврида ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 9,4 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестициялар 11,2 фоизга ўсиши таъминланди. Бу ҳақда 13 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини, 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга ошириш натижадорлигини муҳокама қилишга бағишланган мажлисида маълумот берилди, деб хабар беради ЎзА.
Мажлис иштирокчиларининг асосий эътибори жорий йил 5 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонида белгилаб берилган тадбиркорликни ривожлантиришни жадаллаштириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва дахлсизлигини кафолатлаш ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишни сўзсиз таъминлаш зарурлигига қаратилди. Вазирликлар ва идоралар, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари ва барча даражадаги ҳокимликлар раҳбарларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини тубдан қисқартириш бўйича аниқ вазифалари ва шахсий масъулияти белгилаб берилди.
Кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш давомида 2016 йилнинг энг муҳим объектларини ишга туширишни таъминлаш, маҳаллий хом ашё ва материалларни чуқур қайта ишлаш ҳамда кимё, чарм-пойафзал, фармацевтика, қурилиш индустрияси ва тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича тасдиқланган ўрта муддатли дастурлар доирасида инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги чуқур ва батафсил таҳлил қилинди.
Саноат тармоқларини чуқур таркибий ўзгартириш ва модернизациялаш, ривожланган ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмаларни шакллантириш бўйича фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмининг 9,4 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестициялар 11,2 фоизга ўсишини таъминлагани қайд этилди.
Йил бошидан буён 2016 йилги Инвестиция дастури доирасида 100 та йирик ишлаб чиқариш объекти ишга туширилгани қайд этилди. Вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар раҳбарларининг йил охиригача ишга тушириш мўлжалланган 64 та йирик ишлаб чиқариш қувватини фойдаланишга топширишни сўзсиз таъминлаш, шунингдек, 2017 йил учун ишлаб чиқариш дастурлари учун зарур хом ашё ва материалларни, энг аввало, Х Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси доирасида харид қилишга шартномалар тузишни тезлаштириш юзасидан шахсан жавобгар эканликлари белгилаб олинди.
Изоҳ (0)