Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишининг салбий сценарийси мамлакат иқтисодиётига 15 йил давомида йилига 38–66 миллиард фунт стерлинг (47–81 миллиард доллар) зарар келтириши мумкин. Бу ҳақда молия вазирлиги маълумотларига асосланган ҳолда Reuters ёзмоқда.
Ушбу сценарийга мувофиқ, мамлакат Европа эркин савдо зонасидан чиқиб, Бутунжаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мослашади. Бу ҳолда Британия ЯИМи 9,5 фоизга тушиб кетади.
Бунинг оқибати ўлароқ ҳукумат давлат харажатларини қисқартириб, солиқларни оширишга мажбур бўлади. Савдо ва чет эл инвестициялари ҳажми 20 фоизгача қисқариши мумкин, ишлаб чиқаришнинг камайиши эса иқтисодиётда умумий тушишни келтириб чиқаради.
Шу билан бирга, ушбу прогнозлар натижалари апрель ойида, референдум арафасида чоп этилган тадқиқотга асослангани айтилмоқда.
Изоҳ (0)