Голландиядаги бир нечта ҳаваскор футбол клублари сунъий қопламали чимлардаги машғулот ва ўйинларни бекор қилиб, ўз хатти-ҳаракатини спортчилар соғлиғига зарар экани билан тушунтирмоқда. Бу ҳақда Algemeen Dagblad газетасига таяниб, «ТАСС» маълум қилмоқда.
Спортчилар орасида ваҳимани миллий телевидение орқали намойиш этилган теледастурлардан бири келтириб чиқарди. Унда айтилишича, сунъий чимларда ишлатиладиган резина гранулаларининг 90 фоизи автомобилларнинг эски шинасидан ишлаб чиқарилади. Шиналар таркибида канцероген моддалар бўлиши ва бу ўз навбатида спортчилар соғлиғига хавф солиши мумкин.
Мутахассисларга кўра, бундай ҳолатларда спортчиларда саратон касаллигининг ривожланиши мойиллиги ошади.
Теледастур муаллифлари, шу ўринда, ушбу масалага жавобгар бўлган Голландия атроф-муҳит ва соғлиқни сақлаш институти гранулалар борасида етарлича тадқиқотлар ўтказмагани ҳақида огоҳлантирди.
Голландия қироллик футбол иттифоқи, ўз навбатида, сунъий чимлар борасида қўшимча тадқиқотлар ўтказилишига чақирди, аммо ўз қоидаларини ҳозирча ўзгартирмади.
Изоҳ (0)