Канадалик мутахассислар Онтарио провинциясидаги Сен-Томас музликларига қулаган метеоритни текширувдан ўтказди. Метеорит ичида улар келиб чиқиши сайёрамизга алоқаси бўлмаган микроорганизмлар аниқлади. Ҳарқалай, бунақа ҳаёт шакллари ҳозирча Ерда кузатилмаган, деб хабар беради «Hi-Tech.Mail.ru».
World News Daily Report нашрининг билдиришича, ушбу микроорганизмлар Ердан ташқарида ҳам ҳаёт мавжудлигига илк далил бўлиши мумкин. Сайёрашунослик ва фазо тадқиқотлари маркази директори Питер Брауннинг сўзларига қараганда, метеорит Ерга 18 март куни маҳаллий вақт билан соат 22:24 да қулаган.
Метеоритни Жанубий Онтарио камералари, шунингдек, Канада атроф муҳит бошқармаси ўрнатган ускуналар қайд қилди. Воқеа жойидан фото ва видеотасвирларни NASA тарқатди.
Браун ҳамкасби, Канада Ер ҳақидаги фанлар департаменти куратори Фил МакКосланд билан биргаликда метеоритнинг парчаларини топиб, уни қайта тиклади. Бўлакларни таҳлилдан ўтказиш пайтида улар илгари учрамаган ҳаёт шаклларини аниқлади.
«Биз минерал бўлак микроскопик бурушиқлар билан қопланганини кўрдик. Биз булар Марсда аниқланган қандайдир йўқолиб кетган ҳаёт шаклларининг излари бўлиши мумкин деб ўйладик. Кўпгина организмлар ҳали ҳам тириклигини аниқлаганимизда жуда кучли ҳайратга тушдик», — деди МакКосланд.
Олимлар бир неча юз намуна тўплашга муваффақ бўлди. Улар кашфиётни сир сақлаб ўтириш ниятида эмас — тадқиқотчилар дунёнинг турли четларидан мутахассисларни жалб қилмоқчи. Улар янги ҳаёт шакллари ўрганилгунига қадар кўп йиллар ўтиб кетиши мумкинлигини тан олади.
NASA бош директори Чарльз Ф. Болден канадалик олимларга астрономик билимлар ривожига қўшган алоҳида ҳиссаси учун ташаккур айтди. У NASA экспертлари метеорит ичидаги микроорганизмларни ўрганишда иштирок этишдан бахтли бўлишини билдирди.
Изоҳ (0)