Бухоро вилоятининг Пешку туманидаги «Шимолий» коллекторнинг 9-хўжаликлараро тармоғида насос станцияси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Гидроиншоотнинг ўзига хос жиҳати, у муайян даражада ирригация объекти вазифасини ҳам ўтайди. Вегетация даврида, сув тақчил бўлган ёки унга эҳтиёж ортганда, насос станцияси узатган зовур суви чучук сув билан қўшилган ҳолда далага канал орқали етказилади. Мутахассисларнинг фикрича, унинг ёрдамида «Варахша» массивидаги 1,5-2 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади.
Шофиркон туманидаги «Шимолий Бухоро» коллектори ўзанида ҳам «Читгарон» насос станцияси ишга туширилди. Натижада 2000 гектар ернинг сув таъминоти яхшиланди.
Мазкур объектлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг 2,7 миллиард сўм маблағи ҳисобига «Ромитандавсувмахсуспудратқурилиш» давлат унитар корхонаси ва «Бухоросувхизмат» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилди.
Изоҳ (0)