Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари фаолиятини ташкил этиш масалаларига бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Унда қўмита масъул ходимлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Мазкур ўқув-семинардан кўзланган мақсад тингловчиларга экологик назоратнинг жамоатчи инспектори ваколатлари, мажбуриятлари, жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишнинг усул ва йўллари, унинг натижаларини расмийлаштириш, давлат органлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳақида батафсил маълумот беришдан иборат.
Семинарда табиатни муҳофаза қилиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш борасидаги долзарб масалаларга ечим топиш кўп жиҳатдан аҳолининг экологик билим даражаси ва табиатдан фойдаланиш маданиятига боғлиқ эканлигига эътибор қаратилди. Бу борадаги зарур билимларни ўрганиш, уларга қатъий амал қилиш ва салбий ўзгаришларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида экологик маданиятни янада ривожлантиришда жамоатчи инспекторларининг ўрни катта эканлиги қайд этилди.
Семинарда «Экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва унинг асослари», «Жамоатчилик экологик назоратининг назарий ва амалий жиҳатлари», «Эр ресурсларини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида жамоатчилик экологик назорати», «Чиқиндилар бошқаруви соҳасида жамоатчилик экологик назорати» каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Ўқув-семинар давомида амалий машғулотлар олиб борилиб, тингловчиларга атмосфера ҳавосини, сув, ер ресурсларини муҳофаза қилиш соҳаларидаги қонунбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш каби қатор экологик муаммолар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Изоҳ (0)