Футзал бўйича Колумбияда давом этаётган Жаҳон Чемпионатида чорак финал жуфтликлари тўла ҳал бўлди.
22 сентябрь куни бўлиб ўтган нимчорак финалнинг учта ўйинидан кейин Миср, Аргентина ва Озарбайжон термалари мундиалдаги иштирокини давом эттирадиган бўлди. Бу уч жамоа чорак финал чиптасини қўшимча дақиқалардаги устунлик эвазига қўлга киритди.
Украина футзалчилари Аргентинага қарши ўйиннинг асосий вақтини 0:0 ҳисобида якунлашга эришди. Қўшимча дақиқадаги биргина гол ўйин тақдирини ҳал қилди. Италия эса Миср билан асосий вақтда 3:3 ўйнади. Африкаликлар қўшимча дақиқада киритилган тўртчи гол эвазига муваффақият қозонди.
Таиланд ва Озарбайжон термалари ўйини нимчорак финаллар орасида энг қизиқарлиси бўлди. 8:8 ҳисобида якунига етган асосий вақтдан сўнг озарбайжонликлар яна 5 та гол уришга эришди.
Чорак финалда Европа чемпиони Испания Россия футзалчиларига қарши саф тортади. Португалия эса МДҲнинг бошқа бир вакили Озарбайжонни синовдан ўтказади. Шунингдек, Аргентина ва Миср термалари ўзаро кураш олиб борса, Осиёнинг мундиалда иштирокини давом эттираётган ягона вакили Эрон Парагвай билан беллашади.
Изоҳ (0)