Хитойда Uber компанияси ҳайдовчилари бекор қилинган сафарлардан пул ишлаш мақсадида мобил дастурда йўловчиларни қўрқитадиган суратлардан фойдаланмоқда. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Uber қоидаларига кўра, йўловчи таксига буюртма берганидан сўнг уни бекор қилса, мижознинг ҳисобидан кичик жарима ечиб олинади.
Хитойлик ҳайдовчилар айнан шу ҳолатдан фойдаланмоқда: улар ўз профилига рангпар юзли, кўзлари киртайган ва оғзи очиқ суратлар жойлашни бошлаган.
Иримга ишонувчан хитойликлар профилдаги таксичи суратини кўриб, аксарият ҳолларда уларнинг ортидан мурда ёки арвоҳ йўлга чиққан деб ўйлайди.
Шу сабабли йўловчилар сафар буюртмасини бекор қилади ва жарима тўлайди. Жариманинг бир қисми ҳайдовчиларнинг чўнтагига тушади.
TJournal Uber’нинг матбуот хизмати билан боғланиб, Россияда UberX ҳайдовчиси бекор қилинган сафар учун жариманинг 80 фоизини олиши ҳақида хабар топди.
Хитойда буюртманинг бекор қилиниши 4,2 юань (0,63 доллар)ни ташкил этади. Шунинг учун аксарият фойдаланувчилар Uber’га шикоят ҳам қилиб ўтирмайди.
Uber вакиллари хитойлик ҳайдовчиларнинг ушбу қаллобликларидан хабардор экани ва унга қарши кураришга ҳаракат қилаётганини маълум қилди.
Изоҳ (0)