Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси Марк Цукерберг ва унинг рафиқаси Присцилла Чан яқин ўн йил давомида мавжуд барча касалликлар билан кураш бўйича тадқиқот лойиҳасига 3 миллиард доллар инвестиция киритмоқчи. Бу ҳақда эр-хотин Сан-Францискодаги матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Ушбу ташаббус болалик ёшидан бошлаб барча эҳтимолий касалликларни даволаш, олдини олиш ва назорат ўрнатиш усулларини ишлаб чиқишга қаратилган. Хусусан, кўрсатилган сумманинг 600 миллион доллари касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва олдини олиш чораларини ишлаб чиқиш бўйича тадқиқот маркази яратишга сарфланади.
Сан-Францискода жойлашадиган янги марказ, хусусан, «ҳар қандай юқумли касалликларни аниқлаш ва қон айланишини назорат қилиш»га, шунингдек, «ҳужайралар атласини» яратишга қодир бўлган махсус чипни ишлаб чиқади.
Цукербергнинг қўшимча қилишича, янги ташаббус Эбола, Зика ва ОИВ каби вирусларга қарши янги тиббий технологиялар, тестлар ва вакциналар ишлаб чиқишни ҳам назарда тутади. Facebook раҳбари қўйилган мақсадларнинг барчасига жорий юз йиллик охиригача эришилишига умид билдирди.
Изоҳ (0)