SanDisk Corporation компанияси Кёльндаги Photokina кўргазмасида 1 терабайт сиғимга эга SD-картани намойиш этди. Унда 14 соатлик 4K-видео сақлаш мумкин, деб хабар беради «Hi-Tech.Mail.ru».
2014 йилги Photokina кўргазмасида ишлаб чиқарувчи 512 Гб сиғимли илк SDXC картасини намойиш қилган эди.
Янги карта ўта юқори сифатдаги (4K ва 8K) видео ривожи ва машҳурлигига жавобдир. У доимий хотирада жуда кўп жой эгаллайди. Apple iPhone 7 ва 7 Plus’нинг 16 Гб ли версияларидан воз кечишига асосий сабаб 4K-видео суратга тушириш имконияти бўлган эди.
2015 йилда Western Digital Corp. томонидан 19 миллиард долларга сотиб олинган SanDisk вакиллари карта Ultra HD 4K ва 8K форматидаги видео, шунингдек, 360 даражали ҳамда виртуал реаллик видеоларини ёзишда талабгир бўлишини айтмоқда.
Тақдим этилган карта прототип бўлгани боис унинг техник тавсифи ошкор этилмади. Карта қачон ва қанақа нархда сотувга чиқарилиши кейинроқ эълон қилинади.