НАТО Ливияда ҳеч қандай ҳарбий операцияларни ўтказишни режалаштирмаяпти, ушбу мамлакатга ИШИД гуруҳини йўқ қилиш борасидаги ёрдам эса маҳаллий қуролли кучларни қўллаб-қувватлаш орқали кўрсатилади. Бу ҳақда Бирлашган Қироллик мудофаа вазири Майкл Фэллон маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Биз Ливияда НАТОнинг ҳеч қандай операцияларини режалаштирмаяпмиз, ахир қуруқликдаги қўшинлар у ерда ғалаба қозонмайди, биз буни Ироқ тажрибасидан яхши биламиз, — деди у. — Бундай терроризм билан фақат маҳаллий қуролли кучлар орқали курашиш мумкин. Биз қила оладиган нарса — ливияликларга ёрдам бериш, жумладан, тинч йўл билан тартибга солишга эришиш борасида ҳам».
Британия мудофаа муассасаси раҳбари сўзларига кўра, асосий мақсад — «барқарор Ливия». «Биз мамлакат ҳукумати барча ливияликлар манфаатлари йўлида ўз ишини бажариши учун ҳам Ғарб, ҳам Шарқнинг кўмагидан фойдаланишини истаймиз», — деди у.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)