Нью-Йорк шаҳри ҳокимияти мегаполис марказида уюштирилган портлашга алоқадорликда гумон қилинаётган шахс ҳақидаги маълумотларни ошкор этди. «ТАСС»га кўра, бу 28 ёшли АҚШ фуқароси Аҳмад Хон Раҳамийдир.
Эркак қидирувга берилди. Бу борадаги ахборот полиция бошқармасининг Twitter’даги расмий микроблогида эълон қилинди.
Полиция, шунингдек, унинг фотосуратларини тарқатди.
ФҚБдаги маълумотларга қараганда, Раҳамий келиб чиқишига кўра афғонистонликдир. У 1988 йил 23 январида туғилган бўлиб, кейинчалик АҚШга кўчиб келган ва айни пайтда Нью-Жерси штатидаги Элизабет шаҳрида истиқомат қилади.
Шаҳар мэри Билл Де Блазионинг таъкидлашича, жиноятчи қуролланган ва ўта хавфлидир.
«Биз бу йигитни зудлик билан ушлашимиз лозим. Тажрибамга суяниб айтсам, ФҚБ кимнидир қидирса, албатта топади», — қўшимча қилди шаҳар раҳбари.
Изоҳ (0)