Осиё Чемпионлар Лигаси мусобақасининг чорак финалига қадар етиб борган Тошкентнинг «Локомотив» футбол клуби 522 600 АҚШ доллари ишлаб олди.
Осиё Футбол Конфедерацияси гуруҳ босқичининг сафар ўйинлари учун ҳар бир клубга 34 200 доллар пул беради. Ҳар бир жамоа гуруҳ босқичи доирасида 3 та сафар учрашувида иштирок этиши инобатга олинса, бу пул умумий 102 000 долларни ташкил қилади.
Ўзбекистоннинг Чемпионлар Лигасида иштирок этган қолган уч клубидан фарқли ўлароқ, «Локомотив» нимчорак ва чорак финалда ҳам 1 тадан сафар учрашувида иштирок этиб, уларнинг ҳар бири учун 30 минг доллардан олди. Шу тариқа ОФК клубнинг сафар чиқимлари учун умумий ҳисобда 162 600 доллар ажратиб берди.
«Локомотив» гуруҳ босқичида 2 та ғалабага эришган бўлса, қолган 4 та беллашувни дуранг билан якунлади. ОФК Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидаги ғалаба учун 40 минг доллар ваъда қилган бўлиб, дуранглар учун шунинг ярмини беради. Бу борада «темирйўлчилар»нинг меҳнати 160 минг долларга раво кўрилди.
Тошкент гранди нимчорак финалдаги иштироки учун 80 минг, чорак финалда ўйнагани учун 120 минг билан тақдирланди. Буларнинг ҳаммаси 522 600 АҚШ долларини ташкил қилди.
Изоҳ (0)