Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлаш тадбири доирасида махсус почта маркалари туркуми «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти томонидан тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан 2016 йил 31 августдан муомалага киритилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон почтаси» матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу почта маркаларида мустақиллик даврида қурилган замонавий архитектура бино ва иншоотлари, саноат ва машинасозлик ривожи ҳамда иқтисод, соғлиқни сақлаш, спорт, таълим секторлари тасвирланган.
Туркум 8 та почта маркасидан иборат (марказида купони билан), кичик варақ кўринишида тайёрланган.
Купонда Мустақиллик монументи олдидан жой олган фарзандини бағрига босиб турган Бахтиёр она сиймоси тасвири туширилган бўлиб, инглиз тилида «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги» матни жойлашган.
Почта маркалари ва купон бир неча рангда ишланган. Офсет усулида босилган. Перфорацияси тароқсимон. Почта маркаларининг ўлчами 42х30мм, кичик варақнинг ўлчами 180х150мм. Адади 8000 нусха.
Идентификация рақамлари берилган ва номиналлар ўрнатилган.
Изоҳ (0)