Бельгиянинг Брюгге шаҳри вокзалида тўпланиб турган йўловчилар петардалар портлашини террорчилик акти деб ўйлаб, саросимага тушди. Бу ҳақда мамлакат темир йўллари миллий жамияти вакили Барт Крольс Le Soir нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди, деб хабар беради «РБК».
9 сентябрь куни платформага келган поезд ҳайдовчиси нафақага чиқишга ҳозирлик кўраётган эди. Ҳамкасблари бу воқеа билан уни табриклаш учун тўпланган экан, айримлари петарда ҳам кўтариб олган эди. Крольснинг сўзларига қараганда, бу Бельгияда кенг тарқалган анъана ҳисобланади.
Аммо қарсилдоқ овозлари йўловчиларни қўрқитиб юборди ва улар шошилинч тарзда вокзални тарк эта бошлади.
«Ҳозирги шароитда бу мутлақо тушунарли реакциядир», — деди Крольс ва компания номидан барчадан узр сўради.
Изоҳ (0)