Аргентина пойтахти прокуратураси Uber компанияси офисларида, шунингдек, буюртма қабул қилиш учун унинг онлайн-сервисидан фойдаланувчи бир неча ҳайдовчининг уйида тинтувлар ўтказди, деб ёзади «ТАСС».
Жами 13 та тинтув ўтказилган, уларнинг камида еттитаси ҳайдовчиларнинг уйида олиб борилган. Операция чоғида мобил телефонлар, компьютерлар ва банк ҳужжатлари мусодара қилинди.
Бундан ташқари, ҳукумат компаниянинг беш нафар раҳбари шахсини аниқлади. Терговни олиб бораётган прокурор Мартин Лападу айтишича, сервис сайти ва дастури судья томонидан қўйилган тақиққа қарамай, ишлашда давом этаётгани учун улар 20 кунгача ҳибсда сақланиши мумкин.
Uber’дан фойдаланувчи ҳайдовчилар эса йўловчиларни ташиш учун лицензияси йўқлиги туфайли ўн кун муддатгача ҳибсга олиниши мумкин. Улар, шунингдек, икки йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан айрилиши мумкин. Айни пайтгача ҳеч ким қўлга олингани йўқ.
Uber Буэнос-Айресда апрель ойида иш бошлади. Эртаси куниёқ Аргентина пойтахти суди таксичилар касаба уюшмасидан келиб тушган даъво аризасини кўриб чиқишга киришди ва шаҳар ҳукуматига ушбу иш бўйича якуний қарор чиқарилгунига қадар, сервис ишини тўхтатиб қўйишни топширди. Компания бундай қарорга бўйсунишдан бош тортди.