Оғир атлетика бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари ғолиби Руслан Нуриддинов 2 сентябрь куни вафот этган Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов дуосини олиш армон бўлиб қолганини маълум қилди, деб хабар беради ЎзА.
– Юртбошимиз Ислом Каримовдек халқпарвар, болажон, ёшларни «Менинг фарзандларим!» деб бағрига босиб, чексиз меҳр-муҳаббатини намоён этадиган раҳбар кам бўлса керак. Мен мамлакатимиз мустақиллиги эълон қилинган 1991 йили туғилганман. Мустақил давлатимиз билан бирга ўсдим, улғайдим. Мана шу ўтган йигирма беш йилда мен ва мен каби барча тенгдошларим Президентимизнинг улкан меҳри ва ғамхўрлиги оғушида вояга етдик.
Яқинда Бразилияда ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритиб, Олимпиада рекордини янгиладим. Юртбошимиз бу ютуғимни юксак баҳолаб мени «Эл-юрт ҳурмати» орденига муносиб кўрди.
Шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилар эканман, Президентимиз ишончини оқладим, юзим ёруғ бўлди, энди Ислом бобомиз билан кўришганда, мусобақада дунёнинг манаман деган давлат вакиллари билан беллашдим, менинг ғалаба қозонишимда Сизнинг «Маррани баланд олинг, азиз фарзандларим! Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмас ва ҳеч қачон кам бўлмайди» деган даъватингиз катта куч берди дейман, дуосини оламан, деб ният қилгандим. Афсуски, армон бўлиб қолди. Юртбошимизнинг бу даъватлари юрагимиздан ҳеч қачон ўчмайди ва бизни янада юксак ғалабалар сари илҳомлантираверади. Президентимиз хотираси қалбимизда абадий яшайди, – деди Руслан Нуриддинов.
Изоҳ (0)