Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ЖЧ—2018 3-саралаш босқичидан жой олган Қатарга қарши ўйин олдидан матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди, деб ёзди ЎФФ матбуот хизмати.
«Эртанги ўйин қийин. Қатарда савияли футболчилар талайгина. Шунга қарамай эртага ўз ўйинимизни намойиш қилишимиз керак», деб гап бошлади Бабаян.
«Биз Қатарни яхши ўрганиб чиқдик. Улар иштирокидаги ўйинларни кўрдик. Ҳар қандай жамоа ҳам сўнгги дақиқада гол ўтказиб юбориши мумкин. Эронга қарши охирги дақиқада гол ўтказиб юборгани — унинг заифлигини билдирмайди», — деди Ўзбекистон бош мураббийи.
Самвел Бабаян, шунингдек, ЖЧ—2018 саралашининг 1-туридан жой олган Ўзбекистон — Сурия ўйини ҳақида ҳам тўхталди: — «Биринчи турда қийин ўйин ўтказдик. Бир қатор вазиятлардан унумли фойдалана олмадик. Қатар эса Эрон билан ўйинда камида 1 очкони қўлга киритиши керак эди. Рақибдан кучсиз ўйнамади, баъзи жабҳаларда кучли ҳам кўринди. Аммо футболда хатолар кўп нарсани ҳал қилади».
Қатар — Ўзбекистон ўйини 6 сентябрь куни Тошкент вақти билан 21:00 да бошланади.
Изоҳ (0)