Туркия танклари 3 сентябрь, шанба куни Суриянинг исёнчилар томонидан назорат қилинаётган, Туркия—Сурия чегараси яқинидаги ар-Раи шаҳрига кирди. Уларнинг кўмагида исёнчилар бир нечта яқин қишлоқларни ИШИД жангариларидан озод этишга эришди. Бу ҳақда Reuters агентлиги маълумотига таяниб, «РБК» хабар бермоқда.
Сўз ар-Раидан шарқда ва жанубда жойлашган аҳоли пунктлари ҳақида бормоқда. «Улар саккизга яқин қишлоқни эгаллади. Дастлаб улар икки қишлоқни эгаллади, бироқ улардан ортга қайтди, кейинроқ қўшимча кучлар етиб келгандан сўнг улар яна ҳужумга ўтди», — дейди «Фастаким» гуруҳи вакили Закариа Малахифжий.
3 сентябрь, шанба куни Туркия «Фрот қалқони» ҳарбий операцияси доирасида Сурияда янги фронт очганлиги маълум бўлган эди. Туркиянинг Hurriyet нашри Туркия танклари ва оғир техникаси Сурия чегарасини кесиб ўтиб, ар-Раи шаҳри ҳудудига йўл олганлигини маълум қилган эди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)