Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан таъзия билдирди. Бу ҳақдаги хабарнома Кремлнинг расмий сайтида чоп этилди.
Телеграммада қуйидаги сўзлар келтирилади:
«Унинг ҳаётдан кетиши — Ўзбекистон халқи учун, шунингдек, бутун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар учун оғир йўқотишдир. Ислом Абдуғаниевич ўта нуфузли давлат арбоби, ўз мамлакатининг ҳақиқий етакчиси эди. Замонавий ўзбек давлати тарихидаги энг муҳим воқеалар унинг исми билан боғлиқдир.
Ислом Абдуғаниевич раҳбарлиги остида Ўзбекистон Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликнинг мустаҳкамланишига, минтақада кўп томонлама ҳамкорликнинг ривожланишига омил бўлган тинчликсевар ташқи сиёсат юритди.
Ислом Абдуғаниевич Каримов мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва ҳамкорлик муносабатларининг тикланишига бебаҳо ҳисса қўшган. Аминманки, ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар билан биз Россия–Ўзбекистон муносабатларини биродар халқларимиз манфаатлари йўлида ривожлантириб борамиз».
«Владимир Путин Ислом Каримовнинг қариндошлари ва яқинларига, шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматига ва халқига самимий ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлаш сўзларини етказишни сўради», — дейилади хабарномада.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов 2 сентябрь куни вафот этди.
Изоҳ (0)