24 август куни Италиянинг марказий қисмида рўй берган зилзиланинг 37 нафар қурбонининг дафн маросими 30 август куни Аматриче шаҳрида мамлакат президенти Сержо Маттарелла, бош вазири Маттео Ренци ҳамда иккала палата спикерлари — Пьетро Грассо ва Лаура Болдрини иштирокида бўлиб ўтди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Ёдга олиш маросимида Риети вилояти епископи Доменико Помпили хизмат қилди. Ярим вайрона ҳолидаги шаҳарда махсус айвонли майдон ташкил этилиб, у ерда марҳумлар билан хайрлашиш маросими бўлиб ўтди.
Зилзила Италия марказида маҳаллий вақт билан 03:36 да (Тошкент вақти билан 06:36 да) содир бўлди. 6,0 магнитудали ер силкиниши эпицентри Риети провинциясида 4 километр чуқурликда жойлашган эди.
Охирги маълумотларга қараганда, зилзила қурбонларининг сони 290 кишини ташкил этди.
24–25 август кунлари Италияда мамлакат марказида рўй берган зилзила қурбонлари хотирасига миллий мотам эълон қилинди.
Изоҳ (0)