Ирландия миллий олимпия қўмитаси бош котиби Дермот Хенихан, шунингдек, ғазначиси Кевин Китти ҳамда ижрочи директори Стивен Мартинга Бразилияни тарк этиш рухсат этилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
L’Équipe нашрининг билдиришича, илгарироқ улар Риодаги Олимпия ўйинларида чипталар билан боғлиқ қаллобликка қўл урганда айбланиб, назорат остига олинган, уларнинг шахсий буюмлари олиб қўйилган эди.
17 август куни Бразилия полицияси Европа олимпия қўмиталарининг собиқ раҳбари, Халқаро олимпия қўмитасининг собиқ аъзоси ва Ирландия миллий олимпия қўмитасининг собиқ президенти Патрик Хиккини Рио-де-Жанейро четидаги меҳмонхоналардан бирида қўлга олган эди. У Олимпиада доирасидаги спорт тадбирларига ноқонуний чипта сотишда айбланганди. Ирландия МОҚ Хикки барча лавозимларидан вақтинчалик четлаштирилганини маълум қилди. Айбланувчи оғир тартибдаги «Бангу» қамоқхонасига етказилди.
21 август куни Reuters Ирландия МОҚнинг бошқа аъзолари турган хоналарда ўтказилган тинтув асносида сотилмай қолган чипталар топилганини маълум қилди. Ирландия МОҚ бу ишларга алоқадорликда гумон қилиниб, полиция томонидан паспортлари олиб қўйилган ходимларининг номларини келтирди: Вилли О’Брайен (вақтинчалик президент), Жон Делейни (президент ўринбосари), Дермот Хенихан (бош котиб), Стивен Мартин (ижрочи директор), Кевин Китти (ғазначи) ва Линда О’Райлли (президентнинг шахсий ёрдамчиси).
Полиция чипта қаллоблиги билан боғлиқ пулларни ювиш тахминини илгари сурмоқда. Мартин, Китти ва Хенихан бу ишларга алоқадор деб ҳисобланмоқда. Ирландия ҳукумати ҳам бу борада ўз терговини бошлаб юборди.
Изоҳ (0)