Самарқандда «Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари» кўрик-танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 14 жамоа иштирок этди. Табдирда хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси Ж. Иноғомов ва бошқалар қатнашди.
Мустақилликнинг 25 йиллиги арафасида «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» шиори остида ташкил этилган танловнинг апрель–май ойларида ўтказилган туман (шаҳар) босқичларида 9 764 фуқаролар йиғини иштирок этиб, уларнинг 193 таси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида яна бир бор синовдан ўтди. Улар орасида биринчи ўринни эгаллаган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида ташкил этилган мамлакат босқичида уч шарт бўйича ўзаро баҳслашди.
Иштирокчилар биринчи шартда ўз ҳудудларида амалга ошираётган ишлари, эришилган ютуқлар, намунали иш тажрибаларига оид тақдимотни замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда намойиш этди.
Иккинчи шартда иштирокчиларнинг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига доир қонунчилик ҳужжатларига оид билими, юзага келаётган масалалар ечимини топиш юзасидан малакаси, дунёқараши синовдан ўтказилди. Айниқса, ушбу шартда Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонуни ва соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларидан келиб чиққан ҳолда берилган саволларга қайтарган жавоблари ҳакамлар ҳайъати томонидан қонунийлик, ошкоралик ва адолат тамойиллари асосида баҳоланди. Шунингдек, фуқаролар йиғинлари раисларининг ҳозиржавоблиги ва дунёқараши синовдан ўтказилди.
Танлов иштирокчилари асосий ўринлардан ташқари, фуқаролар йиғини фаолиятига оид бир қатор йўналишлар бўйича ҳам рағбатлантирилди.
Таниқли санъаткорларнинг тинчлик, Ватан ва дўстликни тараннум этувчи куй-қўшиқлари тадбирга байрамона кайфият бағишлади.
Тадбир доирасида иштирокчилар Самарқанд вилоятидаги намунали маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда улардаги жамоатчилик тузилмалари фаолияти билан танишиб, тажриба алмашди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими З. Мирзаев сўзга чиқди.
Изоҳ (0)