Ангрен иссиқлик электр станциясида энергетика тизимига қўшимча 130–150 мегаватт/соат электр энергияси етказиб берадиган энергоблок ишга туширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Айни пайтгача йилига 600 миллион киловатт/соат электр энергияси етказиб берган Ангрен иссиқлик электр станцияси энди бу кўрсаткични 869,36 миллион киловатт/соатга етказади. Олиб борилган ислоҳотлар самараси фақат электр қувватининг ортганида эмас, балки бу манбани ишлаб чиқаришда сарф-харажатлар миқдорининг сезиларли камайганида ҳам кўринади.
Янги инновацион лойиҳанинг тезкор қурилиш ишларида мингдан ортиқ мутахассис ва ишчилар меҳнат қилди. Соҳада юқори натижаларга эришаётган давлатлар тажрибасини ўрганиш мақсадида «Ангрен иссиқлик электр станцияси» акциядорлик жамиятининг 21 ходими Хитойда малака ошириб қайтди.
«Ангрен» махсус индустриал зонасидаги ишлаб чиқариш корхоналарининг электр ва иссиқлик энергияси таъминотини янада яхшилашга хизмат қиладиган мазкур лойиҳа соҳада замонавий технологияларни пухта ўзлаштирган юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ангрен иссиқлик электр станциясида меҳнат қилаётган мингдан ортиқ ходимнинг асосий қисми ёшлардир. Жорий йилда юзга яқин касб-ҳунар коллежи билан меҳнат шартномалари тузган жамият ёшларнинг аксариятини янги ўрнатилган технологияларда ишлаш учун жалб қилади.
Изоҳ (0)