Мамлакатнинг амалдаги чемпиони сифатида Ўзбекистон Олий Лигасида иштирок этаётган Тошкентнинг «Пахтакор» клуби иккинчи мавсум бошланганидан буён зафар қуча олмаётган уч клубдан бирига айланди.
«Championat.asia»нинг маълум қилишича, «Пахтакор»дан ташқари «Олмалиқ» ва «Машъал» клублари ҳам Олий Лига иккинчи даврасининг ортда қолган тўрт турида ғолиб чиқа олмади.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Буркина-Фасога қарши ўртоқлик ўйини учун энг кўп футболчи Олий Лигада 7-ўринда бораётган «Пахтакор»дан саралаб олинган — 6 нафар. Бу кўрсаткич лига пешқадами, Осиё Чемпионлар Лигасида иштирокини давом эттираётган «Локомотив»да 4 нафарни, чемпионлик учун кураш олиб бораётган «Бунёдкор»да 3 нафарни ташкил қилади.
«Пахтакор»ни сўнгги турда мағлуб этган Қаршининг «Насаф» клубидан миллий терма жамоа учун 1 нафар футболчи жалб этилган бўлиб, дарвозабон Элдор Суюнов Самвел Бабаян жамоасида учинчи посбон ҳисобланади.
«Пахтакор» иккинчи давра ўйинлари бошланганидан буён тўрт учрашувда 2 очко ишлашга муваффақ бўлди. Андижон ва Қарши шаҳарларида мағлубиятга учраган «Пахтакор», «Бухоро» ва «Қўқон—1912» клублари билан дуранг ўйнади.
Изоҳ (0)