Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 26 август куни «Қизилқум» клубига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Бу ҳақда «Championat.asia» «Қизилқум» бош менежери Ҳамид Актамовга асосланиб хабар берди.
Беллашувга Навоий шаҳри мезбонлик қилади. Ҳамид Актамов Ўзбекистон олимпия терма жамоасига қарши учрашувни мухлислар мустақилликнинг йигирма беш йиллиги учун совға сифатида қабул қилишларини сўраган.
26 август куни Олий Лига 20-тури доирасида «Қизилқум» — «Пахтакор» учрашуви ўтказилиши керак эди. Бироқ бу ўйин номаълум муддатга қолдирилган. Унинг кунида эса Равшан Ҳайдаров бошчилик қиладиган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Навоий шаҳрига сафар уюштиради.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 20 август кунидан бошлаб йиғинга киришади. 24 август куни Буркина-Фасо терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини бўлиб ўца, 1 сентябрь куни Сурияга қарши ЖЧ—2018 3-саралаш босқичи доирасидаги ўйин «Бунёдкор» стадионида ўтказилади.
Изоҳ (0)