Россиянинг Ту-22М3 олис масофали бомбардимончилари Су-34 фронт бомбардимончи самолётлари билан биргаликда ИШИДнинг Суриядаги марраларига зарба берди. Самолётлар бир пайтнинг ўзида ҳам Эрон, ҳам Россиядаги аэродромлардан учиб чиқди, деб маълум қилади «РБК».
Россия мудофаа вазирлигининг билдиришича, зарбалар Дайр аз-Завр вилоятида амалга оширилди. Бунинг натижаси ўлароқ қурол-яроғ, ўқ-дори ва ёқилғи-мойлаш материаллари захиралари жамланган бешта йирик омборхона йўқ қилинди. Шунингдек, олти қўмондонлик пункти ўққа тутилди, кўплаб жангарилар, артиллерия марралари ва зирҳли техника бирликлари йўқ қилинди.
Хмеймим базасида жойлашган Су-30СМ ва Су-35С самолётлари бомбардимончиларни пана қилиб борди. Операцияни муваффақиятли бажарган самолётлар аэродромларга қайтиб келди.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат илгари эронлик депутат Ҳашматуллоҳ Фалоҳатпеша Эронда Россиянинг Ту-22М3 самолётлари жойлаштирилишига ўз норозилигини билдирган ҳамда Эрон парламенти спикери Али Ларижоний унга бу борада расмий жавоб қайтарган эди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)