Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президенти Жанни Инфантино ташкилотнинг собиқ раҳбари Жоао Авеланжнинг вафоти юзасидан ҳамдардлик билдирди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Авеланжнинг 24 йил давомида ФИФА президенти лавозимида ишлагани футболни ҳақиқатан оммалаштирди ва у дунёнинг барча бурчакларига кириб борди. Бутун футбол жамоатчилиги ундан миннатдор бўлиши керак. Унинг оиласига ҳамдардлик билдираман», – деб Инфантинонинг сўзларидан иқтибос келтиради ФИФА матубот хизмати.
Жоао Авеланж 16 август, сешанба куни 100 ёшида вафот этди. Бразилиялик собиқ мутасадди 2 июль куни Рио-де-Жанейродаги шифохоналардан бирига зотилжам ташхиси билан ётқизилганди. Аммо соғлиғи яхшилангани сабабли у уч кундан кейин шифохонани тарк этганди.
Авеланжнинг қариндошлари ва яқинларига Бразилия футбол конфедерацияси ва Россия футбол иттифоқи ҳам ҳамдардлик билдирди. Хусусан, Бразилия футбол конфедерацияси мамлакат чемпионатининг навбатдаги тур учрашувлари 1 дақиқалик сукут сақланиш билан бошланишини маълум қилди.
Маълумот учун, Жоао Авеланж 8 майда 100 ёшга тўлганди.
Изоҳ (0)