2016 йил 10 август куни Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Тадбир доирасида Сариосиё туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг капитал таъмирдан чиқарилган биносининг фойдаланишга топширилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда сўзга чиққан Сариосиё туман ҳокими Ҳ.Мингбоев ва Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Ж.Саримсоқов давлат томонидан истеъмолчи ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш тармоқлари фаолиятини такомиллаштириш, истеъмол маданиятини юксалтиришга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Маълумот учун, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 2002 йилда ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотдир. Бугунги кунда унинг тизимида 14 та ҳудудий бирлашма, 193 та туман (шаҳар) жамияти мавжуд бўлиб, маҳалла, корхона, ташкилотлар ва муассасаларда 5786 та таянч гуруҳи ташкил этилган ва уларга 487 912 киши аъзодир.
Изоҳ (0)