«Арвоҳ овчилари» фильмининг аёллар иштирокида олинган версияси Sony Pictures кинокомпаниясига 70 миллион долларга яқин зарар келтиради. Бу ҳақда 10 август, чоршанба куни The Hollywood Reporter хабар бермоқда.
Экспертлар студия фильмнинг давомини олиш ҳақида қарор қилишига шубҳа қилмоқда.
«Арвоҳ овчилари» фильмининг прокатда харажатларни қоплашини аллақачон кутишмаяпти. Таҳлилчиларнинг маълумотларига қараганда, картина дунё бўйлаб кинотеатрларда 225 миллион доллардан ортиқ маблағ тўплайди. Бироқ харажатларни қоплаш учун фильм 300 миллион ишлаши лозим. Фильм бюджети, реклама харажатларини ҳисобга олмаганда, 144 миллион долларни ташкил этган.
Продюссерлар Хитойнинг йирик кино бозорига умид қилиши мумкин эди. Бироқ у ерда маҳаллий цензурачилар фильм прокатини тақиқлади.
Янги «Арвоҳ овчилари» 2016 йилнинг июлидан кинотеатрларда намойиш қилинмоқда. Унда бош ролларни Мелисса Маккарти, Кристен Уиг, Кейт Маккиннон, Лесли Жонс ва Крис Хемсворт ижро этган.
Изоҳ (0)