1792 йили зарб этилган ўта ноёб бир центлик тангалар 10 август куни АҚШнинг Калифорния штатида ким ошди савдосига қўйилади. Уларнинг ҳар бири ярим миллион доллардан нарх кўтариши кутилмоқда, деб хабар беради «ТАСС».
Лотларнинг қиммати шундаки, улар 1792 йилда Филадельфияда зарб этилган энг биринчи тангалардан ҳисобланади. Heritage Auction ким ошди савдоси уйи вакили Эрик Брэдлининг сўзларига қараганда, «улар АҚШ тарихининг Британия мустамлакалари янги республикага айланаётган даврига оиддир».
АҚШга тенгдош бўлган мазкур тангаларнинг олд томонида Озодликнинг рамзий ифодаси тасвирланган ҳамда «Озодлик — фан ва саноат онаси» деб ёзилган. Ушбу тангалар норасмий равишда «кумуш ўзакли цент» деб аталади, негаки уларни тайёрлашда марказига кам миқдорда кумуш қўшилган. Ҳозир бу тангалардан ўнга яқин нусха сақланган.
Изоҳ (0)