Швейцариянинг Лозанна шаҳридаги федерал судда баландликка сакраш бўйича икки карра олимпия чемпиони Елена Исинбаева ва 110 метрга тўсиқлар оша югуриш бўйича жаҳон чемпиони Сергей Шубенковдан уларнинг Рио—2016 Олимпиадасидан четлатилиши юзасидан апелляция олинди. Бу ҳақда суднинг расмий вакили Пете Жоси маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
Исинбаева ва Шубенковдан Спорт арбитраж суди (CAS) қарорига нисбатан апелляция борлигини тасдиқлашини билдирган расмий вакил бу иш юзасидан бошқа тафсилотлар, жумладан, шикоятлар қачон тақдим этилгани ва улар бўйича эшитувлар ўтказиладиган муддат ҳақида маълумот бермади.
Спорт арбитраж суди 21 июль куни Россия Олимпия қўмитаси ва 68 россиялик атлетнинг енгил атлетика федерациялари халқаро ассоциацияси (IAAF) томонидан чиқарилган Рио Олимпиадасидан четлатиш тўғрисидаги қарорга нисбатан даъвосини бир овоздан рад этди. CAS қабул қилган мазкур қарор бўйича Швейцария федерал судида 30 кун мобайнида шикоят келтириш мумкин.