Болгария полицияси Charlie Hebdo ҳажвий журналининг Париждаги таҳририятига қилинган ҳужумда иштирок этган террорчилардан бирининг куёви Мурод Ҳамидни қўлга олди, дея хабар бермоқда «ТАСС» Болгария бош вазири ўринбосари ва ички ишлар вазири Румяна Бичваровага таяниб.
«Мурод Ҳамид ҳибсга олинди, унинг хатти-ҳаракатлари чет эллик ёлланма аскарга хос эди. Олдинда суд жараёни кутиб турибди, унда қўшимча тафсилотлар маълум қилинади», — деди Бичварова.
У, шунингдек, Франция ОАВларининг Париждаги теракт иштирокчисининг қариндошига нисбатан ҳибс учун Европа ордери берилгани ҳақидаги маълумотларини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йил 7 январь куни Париждаги Charlie Hebdo сатирик ҳафтаномаси таҳририятига ҳужум уюштириб, 12 кишини ўлдирган ва 10 дан ортиқ кишига жароҳат етказган жиноятчилар 10 январь куни Франция пойтахти шимолида йўқ қилинган эди.