БМТ бош котиби Пан Ги Мун 7 август, якшанба куни Жанубий Судандаги қуролли тўқнашувларни зудлик билан бас қилиш ҳамда аҳолига қарши зўравонликлар ва бошқа жиноятларга нуқта қўйишни талаб қилди, деб ёзади «ТАСС».
Ёзма баёнотида у Давлатлараро тараққиёт ташкилотининг тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун мамлакатга ҳарбий контингент юбориш ҳақидаги қарорини маъқуллади.
Пан Ги Мун низонинг барча томонлари тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича ўз вазифаларини ёдда тутиши кераклигини таъкидлади, шунингдек, жиноятларни амалга оширишда айбдорлар жавобгарликка тортилиши бўйича шошилинч чоралар кўрилишини талаб қилди.
2013 йил декабрида Салва Киир томонидан қўзғолончиларнинг собиқ етакчиси, ўзининг ўринбосари Риек Машарнинг лавозимидан бўшатиши Жанубий Суданда можаронинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Икки сиёсатчи ўртасидаги қарама-қаршилик туфайли уларнинг тарафдорлари, икки хил миллат вакиллари ўртасида тўқнашувлар содир бўлиши тезлик билан авж олди. Бунинг натижасида 10 мингга яқин киши ҳалок бўлди, 2,2 миллион аҳоли қочоққа айланди.
2015 йилнинг август ойида Киир ва Машар тинчлик келишувини имзолади. Шу йилнинг январь ойидан бошлаб улар миллий бирлик ўтиш ҳукумати тузишга келишиб олди. 26 апрель куни Машар вице-президент лавозимига қайта ўтиш учун мамлакат пойтахти Жуба шаҳрида қасамёд келтирди.
28 апрель куни президент ҳукуматнинг янги таркибини эълон қилди. Унга кўра, Киирнинг партияси Мудофаа ва Молия вазирликларини, Машар тарафдорлари эса Ички ишлар вазирлиги ва нефть ишларини бошқаради. Қолган мухолифатчилар Ташқи ишлар вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирликларини бошқаради. Янги маҳкама 24 июнь куни қасамёд қилганди.
8 июль куни эса мамлакат президенти Салва Киир тарафдорлари ва Риек Машарни қўллаб-қувватловчи собиқ исёнчилар ўртасида тартибсизликлар келиб чиқди.