Жозе Моуриньонинг қарори билан «Манчестер Юнайтед» клуби ёшлари билан машғулот олиб бораётган германиялик футболчи Бастиан Швайнштайгер миллий терма жамоадаги фаолиятини якунлагани ҳақида хабар берди.
Eurosport маълумотига кўра, ярим ҳимоячи бу ҳақда Twitter саҳифасида пост ёзиб қолдирган.
«Мен терма жамоадаги келажагим ҳақида Иохим Лёв билан гаплашиб олдим ва халқаро майдондаги иштирокнимни якунлашга қарор қилдим. Барча мухлисларга, жамоага, мураббийлар ва Германия Футбол Иттифоқига ўз миннатдорчилигимни билдираман», — деб ёзган Бастиан.
Футболчи Германия терма жамоаси сафида 2004 йилда дебют қилган бўлиб, ўтган давр мобайнида 120 та ўйинда иштирок этди ва 24 та гол уришга эришди.
Терма жамоадаги 12 йиллик фаолияти давомида Бастиан Швайнштайгер 2014 йил жаҳон чемпионлигини қўлга киритди, 2006 ва 2010 йилларда эса мундиалнинг бронза медалларига эга чиқди. 2008 йилда Европа Чемпионатининг финалига қадар етиб борди.