Миср терма жамоаси Колумбиядаги Жаҳон Чемпионатининг «B» гуруҳидан жой олган бўлиб, 2012 йилги мундиал мезбони Миср, Европа вице-чемпиони Россия, шунингдек, Кубага қарши кураш олиб боради.
Миср терма жамоаси жаҳон аренасида ўз сўзини айтишга улгурмаган бўлсада, бу борада секин-аста тажриба тўплаб келаётган жамоалар сирасига киради.Колумбияга йўл
Миср терма жамоаси Африка қитъаси учун берилган учта йўлланмадан бирига эга чиқиш учун асосий номзод бўлиб турганди. Иштаҳа овқат вақтида келади деганларидек, мисрликлар бир йўла Африка Миллатлар Кубогида зафар қучиб қўя қолишди.
«Фиравнлар» гуруҳ босқичини ортиқча қийинчиликсиз босиб ўтишди. Аввалига Марокаш ва Ангола таслим этилди, энг сўнггида эса Ливия маҳф этилди.
Ярим финал босқичида Замбия устидан қозонилган ғалаба Мисрни Жаҳон Чемпионати иштирокчисига айлантирди. Ўйин оғир кечди ва якунда ҳисоб 5:4 кўринишини олди. Финал учрашувида Марокашга қарши иккинчи қайта залга чиққан мисрлик футзалчилар 3:2 ҳисобида ғолиб чиқишди ва қора қитъада тенгсиз эканликларини исботлашди.
Жамоа ҳақида
Сўнгги Жаҳон Чемпионатида иштирок этган футболчиларни бирданига алмаштириб бўлмасди. Буни онгли равишда тушуниб турган мураббий Ҳешам Солиҳ, мундиал кўрган йигитлар қаторига ёш иқтидорларни қўшиб, пухта аралаш таркибга асос сола олди.Тажрибали футболчилар — Мустафо Нодир ва ҳужумчи Мизо жамоанинг ўйин услубини белгилаб беради. Уларсиз Миср терма жамоасини тўкис тасаввур қилиш қийин. Абдулраҳмон Ийд Муавад, Холид Абдулла Муҳаммад, Мустафо Ийд Муҳаммад каби талантли ёшларнинг қўшилиши эса ҳақиқий жамоани шакллантирди.
Ҳа, айтганча, Мустафо Ийд Муҳаммад Африка Миллат Кубогида 9 та гол уриб, бир қатор мутахассисларни ўзига ром айлаганди.
Мундиаллар тарихи
Миср терма жамоаси мундиаллардаги иштирокини 1996 йилда бошлаганди. Бироқ бунга қадар Африканинг икки терма жамоаси Жаҳон Чемпионатини кўриб улгурган. 1988 йил Зимбабве йирик фестивалга ташриф буюрган бўлса, орадан тўрт йил ўтиб Нигерия шунга муваффақ бўлганди.Нигерия ва Зимбабведан фарқли ўлароқ, Миср терма жамоаси учун мундиал чорак финаллари бегона эмас. 2000 йилги Жаҳон Чемпионатида Миср ўз гуруҳини Голландиядан кейин 2-ўринда якунлади ва навбатдаги босқичга йўл олди. Орадан тўрт йил ўтиб эса гуруҳда учинчи бўлди.
2012 йил Таиландда бўлиб ўтган Жаҳон Чемпионатида Миср гуруҳда 3-ўринни олган энг яхши жамоаси сифатида нимчорак финалда ўйнади, бироқ Италиядан енгилди.
Миср ҳақида яхшироқ тасаввурга эга бўлиб олиш учун, жамоанинг тўрт карра Африка чемпиони экани ҳақида ўйлашнинг ўзи кифоя.
Изоҳ (0)